Ижтимоий тармоқларда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий муносабат берди.
Қайд этилишича, ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Аслида бундан бир йил аввал пандемия даврида – 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумот қайта, яъни такроран тарқатилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган.
“Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичларида ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин оммавий тадбирларни чеклаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилингани йўқ”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2022 йил 1 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорда жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор инобатга олинган.
“Қарорга мувофиқ, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланди. Қурбон ҳайити намозини ўқиш юзасидан бирор ўзгариш бўладиган бўлса, расмий нашрларда эълон қилинишини билдирамиз. Мўмин-мусулмонлардан асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай хабарларни тарқатмасликни илтимос қиламиз”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтган.