Ўзбекистонда хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс ёндашувни амалиётга татбиқ этиш фаол амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган институционал ва таркибий ислоҳотлар туфайли тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишнинг қатор механизмлари яратилди.
Бизнес-омбудсман девони, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги Миссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу Форум майдонида жами 500 га яқин, шу жумладан 350 га яқин онлайн форматда, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, халқаро экспертлар иштирок этишди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, ушбу форум Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалдаги механизмлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини жадал ривожланишида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг ўрни, шунингдек, бизнесга бўлган босимни камайтириш усулларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Шунингдек, давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувининг олдини олишда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси»ни жорий этиш, тадбиркорлар ўртасидаги низоларни суд тартибида ҳал этиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, низоларни муқобил усулда кўриб чиқиш амалиёти муҳокама қилинди.
Форумнинг иккинчи қисмида давлат назоратини ташкил этиш соҳасидаги қонунчиликдаги концептуал янгиликларни ҳар томонлама кўриб чиқиш, хусусан, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва режалаштирилган тадбирлар ҳақида сўз борди.
Ушбу қисмда, тадбиркорлик соҳасидаги давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир натижаси бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва техник кўмак кўрсатиш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.