Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси билан 2,76 млн долларлик битимни имзолади. Унга кўра, келгуси йилда яна 18 нафар давлат хизматчиси Японияда магистратура ва докторантурада ўқишга юборилади. Ҳозирда 35 киши таҳсил олмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИСА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миязаки бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Унда элчи Ёшинори Фужияма билан 2,76 млн доллар қийматдаги кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар лойиҳалари доирасида Алмашинув нотаси ҳамда ушбу лойиҳани бажариш бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИСА) билан грант битими имзоланди.