Дунёдаги биринчи қум баттареялар қишнинг «кўрки» бўлишга тайёрми?

Таълими, экологияси, энг бахтли аҳолиси билан дунёга ўрнак бўлиб келаётган Финландия энди қуёш энергиясини тўпловчи илк қумли баттареянинг Ватани дея эътироф этилмоқда.

Шу йилнинг 5 июль санасида Гарбий Финландиянинг қуёш, шамол ва бошқа бир қанча қайта тикланувчи энергия манбаларини тўплаш имконини берувчи Ватажанкоски номли энергия ишлаб чиқариш заводида илк қум баттареялар ихтиро қилинди. Ташқи томондан ушбу баттареялар улкан бир метал бункерига ўхшайди. Ички тарафига разм солганда эса юзлаб тонна қум таркибларидан иборат. Бу ихтиронинг яратилишидан мақсад ҳам оддий: арзон, нотоза қумли сув ҳавзаларини иситишда бу энергиядан фойдаланиш.

Қум температураси 500° гача боради. Бу эса иссиқлик алмашинувида ишлатиладиган аккуммуляторнинг камераси ичида айланувчи ҳавони иситишга кўмак беради. Аккуммулятордан чиққан иссиқ ҳаво эса марказий иситиш тизимига йўналган сув таъминотини иситади. То бу босқичга келгунгача барча турар жойлар, офислар ҳамда маҳаллий сув ҳавзалари аллақачон иситиш тизими билан таъминланган бўлиши керак, албатта.

Қумнинг энг юқори иссиқлик даражаси совуқ об-ҳавода ҳам турар-жой биноларини иситиш учун қўлланиладиган энергияни бир неча ойлаб сақлаб туриш имконини беради.

Айни пайтда қум баттареялар биз доимий ишлатиб келадиган, анча қиммат шунингдек, кўп жой олувчи ҳамда узоқ вақт қувват олдиришга чидамсиз литий (одатда баттареяларда қўлланиладиган энг ёрқин ва юмшоқ кумуш метал)ли баттареяларга қараганда муқобилроқ эканлиги таъкидланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Финландияда қиш анчайин узоқ ва бошқа давлатлардагига нисбатан бирмунча совуқ келади. Бундай совуқда уйларни иситиш ҳамда энергия билан таъминлаш оддий аҳоли билан бир қаторда сиёсатчиларни ҳам йиллар мобайнида ташвишлантиради. Мамлакатда қилинган бу ихтиро эса айни шу муаммони бартараф этишда яхшигина кўмак беришига умид қилинмоқда. Эҳтимол, ушбу технологик янгилик оламшумул бўлмас. Аммо ундан кўзланган потенциал анчайин юқорилиги айтилмоқда.

Машҳура КАРИМ тайерлади