Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, сайёрамизда эпидемиологик вазият яна мураккаблашмоқда.
Хусусан, пандемиянинг қайта авж олиши туфайли кейинги икки ҳафтада COVID-19ни юқтириш кўрсаткичлари қарийб 30 фоиз ошган. Бу “омикрон” штаммининг янги мутациялари кенг тарқалаётгани билан боғлиқ.
Ассосий ўсиш динамикаси Европа ва Америка минтақаси мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу қитъаларда “омикрон”нинг BА.4 ва BА.5 субвариантлари кўп учрайди.
Бундан ташқари, Ҳиндистонда ушбу штаммнинг янги — ВА.2.75 версияси аниқланган ва у айни пайтда мутахассисларнинг кузатуви остида.
ЖССТ раҳбари ўз баёнотида эмлаш касалликка қарши энг самарали восита бўлиб қолаётганини таъкидлаб, ҳукуматларни бу борадаги чора-тадбирларни кучайтиришга чақирди.
“Бу нафақат беморлар, балки соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ва бутун жамият учун фойдалидир” — деб қайд этди Гебрейесус.
У, шунингдек, маймун чечаги инфекциясининг тарқалиш шиддати ва кўлами ҳақидаги хавотирларини ҳам баён қилди.
Маълум бўлишича, ҳозиргача дунёнинг 58 мамлакатида, олти минг нафар кишида ушбу хасталик тасдиқланган. Эпидемия маркази Европада. Жами беморларнинг 80 фоизи ушбу минтақада яшайди.
Қолаверса, Африканинг илгари мазкур инфекция кириб бормаган ҳудудларида ҳам маймун чечаги рўйхатга олиняпти. Мутахассислар келгусида эпидемиологик вазият янада ёмонлашиши мумкин, деган хулосада.