Ўзбек ипаги Европа қимматли қоғозларида ишлатилади

Ўзбек ипаги Европа қимматли қоғозларида ишлатилади. Бу ҳақда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди.

«Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ҳамкорлик қилувчи Германиянинг “Giesecke & Devrient Currency Technology” компанияси вице-президентлари Александр Иоганн Шюкс ва Аркадий Борисович Ноткинлар ўзбек ипагини ўз қимматли қоғоз ва банкноталарида ишлатиш таклифи юзасидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисининг бош маслаҳатчиси Олимжон Жумаев ва Техника фанлари доктори, профессор Халима Алимовалар билан учрашди.

Учрашувда ипак қўшиб ишланган қоғоз билан ўтказилган амалиёт меҳмонларда яхши таассурот қолдирди. Ўзбек ипагининг сифатига германияликлар томонидан катта қизиқиш билдирилди», дейилади хабарда.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ўзбек ипаги сифати бўйича жаҳонда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради.