ТИВ Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022-йил 3-июлдан 2-августга қадар фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги «Даут-ота» — «Тажен» (автомобил) ўтиш пунктида фуқаролар ва енгил транспорт воситаларининг қатнови вақтинча тўхтатилган. Шу билан бирга, ушбу пункт нуқтаси орқали йирик юк ташувчи автомобилларнинг ўтишига рухсат берилади.

Бундан ташқари, «Нукус-Бейнеу-Нукус» йўналиши бўйича темир йўл алоқаси ҳам тўхтатилди.

Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари Ўзбекистонга Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги «Даут-ота» дан ташқари ўтиш пунктлари орқали келишлари мумкин.

Шунингдек, «Ақтау-Нукус», «Ақтау-Урганч», «Олмаота-Тошкент», «Олмаота-Самарқанд» ва «Нур-Султон — Тошкент» йўналишларидаги ҳаво қатнови ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари маслаҳат учун қуйидаги рақамларга мурожаат қилишлари мумкин:

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси (Нур-Султон шаҳри) – 8 (717) 295-45-87;

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси– 8 (727) 390-26-16, 8 (727) 299-20-70;

Ўзбекистоннинг Оқтау шаҳридаги Бош консулхонаси – 8 (729) 277-71-17.