Бугун ОТМнинг чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари ҳамда академик лицейларга қабулнинг сўнгги куни.
2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар мактабларига онлайн ҳужжат топшириш жараёнлари 20 июль кунига қадар давом этади.
Ҳозирда Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли ҳужжатларни онлайн топширишда узилишлар кузатилмоқда.
«Аммо хавотирга ўрин йўқ. Бу жараён ҳукумат томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳужжат топширишга улгура олмаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилиши кутилмоқда», дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида.
Қайд этилишича, ушбу масала тез орада ижобий ечимини топади ва бу ҳақидаги маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига (Beeline, Uzmobile, Ucell, UMS, Perfectum mobile) СМС хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилади.