Қишлоғимизда янги урф-одат (хуруж) пайдо бўлибди. Ҳамма ўғлига, укасига, акасига, жиянига, тоғасига ўқиган қизни келин қилмоқчи. Куёв ўқимаган бўлса ҳам келин ўқиган бўлиши шарт.
Қизлар ҳам замон билан ҳамнафас бўлиш керак деб ўқиш тараддудида, эрта тонгда, қоқ абетда тайёрлов курсларига югургани югурган.
Синфдош қизлардан бештамиз ўқиётган бўлсак, укамнинг синфдош қизларидан 13 таси ўқимоқчи экан.
Ажойиб, ўқишга бўлган қизиқиш йилдан йилга ошяпти, энди улар озми кўпми жамиятга аралашади, ўз мустақил фикрига эга бўлади, энг асосийси қўлида касби бўлиб, келажакда қийналмайди!
Аммо… Танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, аҳвол мен ўйлаганчалик яхши эмас.
Синфдош дугонам учинчи курс, сентябрда тўй қиляпти. Ўқиши Тошкентда, ўзи Бухорога келин бўляпти. Ўқишчи десам, тўртинчи курс бўлдимку, амаллаб битириб оламан дейди.
Бу йил инглиз тили ўқитувчиси бўлиб келган қиз қишлоқдаги мактабда тайёрлов курси очибди, жияним бораётган экан. Уйга вазифаларини тайёрлатаётганимда ўқитувчиси any ва someнинг фарқини айта олмаганини, кўпликдаги отларга ҳам a/an артикл қўйиб кетаётганини айтиб қолди.
Ўқишга тайёрланаётган жияним билан қайси ўқишга топширасан, ким бўлмоқчисан десам, энг бали пастига, ўқишга кириб олсам бўлди дейди.
Аммам нолиб ўтирипти, икки йил тайёрлов курсига қатнаб бир иш қилмади, 4 йил Бухорода юриб, ўқиди. Контракт тўладим, ижара пули тўладим, еб-ичиши, кийим-кечаги. Рус тили ўқитувчиси-ю, лекин икки гапни боғлаб гапира олмайди. Иш топа олмай юрипти мана бир йилдан бери дейди.
Кейин ўйлаб қолдим, қизларни нима учун ўқитиш керак? Ўқиган қиз деган номи бўлиб, бозори чаққон бўлиши учунми? Афсуски, кўпчилик шу иштиёқда, ўқиган қиз деган ном олиш учун ҳаракат қиляпти.
Бирор соҳага қизиқиш, аниқ режа-мақсад, ўқишга киргач эса карера ҳақида ўйлаш деярли 80 фоиз қизда йўқ.
Амаллаб ўқишга кирса, амаллаб битирса бўлди. 5-6 йиллик умр, тўрт йиллик контракт, яна бошқа харажатлар ҳаммаси ўқиган қиз деган ном учун.
Энди уларнинг на бир яхши даромад келтирадиган касби бор, на қўлида бир ҳунари. Аввалроқ тикувчилик, қандолатчилик, гўзаллик салонлари очишга ҳаракат қилаётган қизлар ёппасига ўқишга ёпишяпти.
Адабиётни тугатиб, бирор бадиий китоб ўқимаган, хорижий тилларни тугатиб, а ни б га қўша олмай, 4 йилини, ота-онасининг маблағини беҳуда совурган ўқиган қиздан кўра ўқимаган қизни келин қиламан!
Саъдулло қизи