Дунё бўйича инсониятнинг ярмидан кўпи шаҳарларда яшашади. Эндиликда одамлар гавжум жойда сайр қилишга мажбурмиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар 10 кишидан 9 тасининг таҳликали равишда чангли ҳаводан нафас олишини аниқлаган. Ҳаводаги чанг йилига 7 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.
Тадқиқотларнинг ҳайратланарли натижаси
Лондон мактабининг иқтисодиёт соҳаси тадқиқотчиси Сафи Рос 2011 йилда ҳаводаги чанг таъсирини ўрганди. У имтиҳон топширувчи талабалар билан синов ўтказди: унга кўра талабалар бир жойда, бир хил таълим тизимида ўқийдиганлар сифатида имтиҳонга кирдилар. Фақат кунларда фарқ бор эди. Имтиҳондан олдин Рос ҳаводаги чангни ўлчаб кўрганди. Натижалар ҳайратланарли бўлди. Ҳавода энг кўп чанг бўлган куни имтиҳон топширган талабаларга қараганда ҳаво тоза бўлган куни имтиҳон топширган талабаларда натижалар яхши чиққан эди. 2016 йилда Рос ҳаводаги чанг инсон қобилиятига қай даражада таъсир қилишини ўрганди.
Олимнинг маълум қилишича:
– ифлосланган ҳаво ақлни сусайтиради;
– ҳаводаги чанг ҳали туғилмаган чақалоқлар ўсишига салбий таъсир қилади;
– уйингиз сизни заҳарлаётган бўлиши мумкин.
«Чангли булут қаерда бўлса, ўша ерда хавф янада кучаяди. Шамол таъсирида сузиб юрган чангли булутлар қайси манзилга етиб борса, ўша ерда ҳаёт учун хавф ортишини аниқладик», – дейди Сафи Рос. Оз миқдордаги чанг ҳам салбий натижасини намоён қилар экан.
АҚШнинг Массачусетс технология институти тадқиқотчиси Жексон Лу бошчилигида олиб борилган тадқиқотларда эса ҳаводаги чанг қотиллик, тажовуз, ўғрилик каби жиноятларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши аниқланди. 682 тадан зиёд ёш ўсмирлар орасида мактабдан қочиш, ўғрилик, зарарли одатларга берилиш каби салбий оқибатлар борасида олиб борилган изланишлар ҳам юқоридаги хулосаларни тасдиқлади.
Жанубий Калифорния университетидан Диана Ёунан ва унинг жамоаси соч толасининг қалинлигидан 30 баравар кичик бўлган чанг зарралари билан 12 йил давомида бирга қолишнинг таъсирини ўрганиб чиқди. Уларнинг хулосасига кўра ҳам чанг миқдори кўп бўлган жойларда зарарли одатларнинг кўп учраши кузатилди.
Мия яллиғланиши
Баъзи чанг зарраларига асир бўлиш мия яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин экан. Ҳаво чангининг инсон хулқига қандай таъсир қилиши борасида ҳам маълум хулосалар мавжуд. Хусусан, Лу, чанг сўзининг ўзи ҳам инсон руҳиятига салбий таъсир қилади, дейди.
Тадқиқотчи Лунинг айтишича, америкалик ва ҳиндистонлик кўнгиллиларни чангли ҳавода қолдиришмади, фақат уларга чангда қолган шаҳарнинг суратини беришди ҳамда ўзларини ўша шаҳардагидек тасаввур қилишларини сўради. Бунинг натижасида эса иштирокчилар тушкун кайфиятга тушгани, асабий ҳолатни бошдан кечирганликлари аниқланди. Бу дастлабки таҳлиллар натижаси холос.
Чангли ҳаво мияга физиологик жиҳатдан ҳам таъсир қилиши мумкин. Лунинг сўзларига кўра, чангли ҳаводан нафас олганингизда танадаги кислородга ҳам таъсир қилади, бу эса мияга кам миқдорда кислород етказишига сабаб бўлиши мумкин. Чангли ҳаво бурун ва томоқ йўлларига ҳам зарар етказиши билан бирга бош оғриғини ҳам пайдо қилади.
Ёунаннинг айтишича, ҳавони ифлослантирган моддалар миянинг пешона қисмига зарар етказади. Бу қисм эса қарор қабул қилиш, ўзини назорат қилиш кабиларда муҳим ўрин тутади. 2019 йил март ойида олиб борилган тадқиқотлар ўсмир ёшда чанг ҳаводан кўп нафас олган ёшларнинг турли овозларни эшитгандек бўлиши, руҳий носоғлом бўлиш эҳтимоли юқорилигини кўрсатди.
Олимлар ушбу хулосаларга таяниб, ҳавода чанг миқдори кўп бўлган кунларда имкони борича кўчага чиқмасликни тавсия қилишади. Бу эса танамиз, миямиз ва бошқа ҳатти-ҳаракатларимизнинг фойдасига хизмат қилиши шубҳасиз.
Дилбар РАЖАБОВА тайёрлади.