Бир қозининг олдига новвой келиб, бир фақир одамнинг устидан шикоят қилибди:
– Бу одам ҳамиша бозорда менинг дўконим олдида туради – мен ёпаётган нонларнинг ҳидини тўйиб-тўйиб ҳидлайди-ю, сариқ чақа бермайди.
Абу Нувас анча вақт ўйланиб қолибди. Сўнг новвойга дебди:
– Сен ҳақсан. Бу одам сенинг нонларингни ҳидлаб ҳузур қилган бўлса, демак, сенинг меҳнатинг самарасидан фойдаланибди. Бунинг эвазига у харажатларингни тўлаши керак. Сенга икки динор кифоя қилар-а?
Шодликдан новвойнинг кўзлари чақнаб кетибди, фақир одам эса йиғлай бошлабди.
– Нақадар қашшоқ эканим Аллоҳга маълум. Мени оёғимдан силкитганда ҳам жиринг этиб бир танга тушмайди. Туршакдан шарбат олиб бўлармиди?
Қози унинг сўзларини эшитиб, яна ўйланиб қолибди.
Кейин шундай дебди:
– Сен қашшоқ бўлганинг учун пулни мен ёнимдан тўлаб юбора қоламан.
Шундай деб, у ёнидан икки тилла чиқарди. Новвой сабрсизлик билан пулни олгани қўл чўзди.
–Шошма, – деди унга Абу Нувас. – Бу одам нонингни едими?
–Йўқ, тақсир, – деди новвой.
–Нонингдан жиндай ушатиб олдими?
–Йўқ, тақсир.
–Бўлмаса, нонингга пуфлаб, уларни беўхшов қилиб қўйдими.
–Йўқ, ундай қилгани йўқ, тақсир.
– Ундай бўлса, нонларингни бемалол сотаверсанг бўларкан-да? Балки аллақачон сотиб ҳам бўлгандирсан?
– Ҳа, ҳа, тақсир.
– Бу одам нонингнинг ҳидига қаноат қилган бўлса, сенга ҳам танганинг жиринги кифоя қилади.