16 июль куни Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, бугун соат 3:21 да Қозоғистон Республикаси Шецский туманидан ўтган “Алмата-Екатринбург” автомобиль йўлининг 850 км.да ҳаракатланган, МAН юк машинаси ва “Меrcеdеs-Benz Sprinter” йўловчи микроавтобуси тўқнашган.
Оқибатда микроавтобус ичида бўлган 17 нафар йўловчилардан 8 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 нафар йўловчилар турли даражада тан жарохати олиб, Aксу-Aюли қишлоқ касалхонасига ётқизилган.
ЙТҲ оқибатида микроавтобус салонида бўлган 5 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 2 нафари воқеа жойида вафот этган ҳамда 3 нафари турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Ҳозирда, ушбу холат юзасидан Қозоғистон Республикаси ИИВ ҳодимлари томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда.