Дунёда табиий офатлар туфайли юзага келадиган молиявий йўқотишлар ўсишда давом этмоқда ва ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар сингари Ўзбекистон ҳам улардан тобора кўпроқ азият чекмоқда. Табиий офатлар давлатлар учун катта молиявий хавф туғдиради ва бюджетнинг беқарорлигини келтириб чиқаради. Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви ва хавф-хатар профилактикасини ҳисобга олган ҳолда, хавфли табиат ҳодисалари ортиб бораётган давлатлар сафига киради.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигида айни шу масалалар ечимига бағишланган учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг иқлимий хавфларни суғурталаш бўйича эксперти Фараз Амжад ва Ўзбекистондаги БМТТД дастури вакили Пишенбай Умирбековлар билан Ўзбекистон суғурта бозорида янги суғурта маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий етиш масалалари муҳокама этилди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мулоқотда мамлакатимиз дунёдаги 20 дан зиёд давлатлар орасидан «Инклюзив суғурта ва рискларни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш учун танлаб олинганлиги алоҳида қайд этилди. Таклиф этилаётган лойиҳа янги суғурта маҳсулотлари, воситалари ва хизматларини ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг катализаторига айланиши, шунингдек, Ўзбекистонда суғурта бозорининг узоқ муддатли ўзгаришини қўллаб-қувватлаши айтилди.
Ҳамкорликда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳа институционал салоҳиятни ривожлантириш билан бирга қонунчилик ва тартибга солувчи ислоҳотлар орқали суғурта бозорини яратишга хизмат қилади. Ушбу лойиҳа инвестициялар, ўқитиш ва таълим, шунингдек, суғурта соҳасидаги шериклар билан маҳаллий бозорга мослаштирилган суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик орқали қўллаб-қувватланади.
Учрашувдан кўзланган мақсад — БМТТДнинг суғурта ва рискларни молиялаштириш механизмини тақдим этиш ва Ўзбекистонда суғурта бозорини янада ривожлантириш, шунингдек, энг яхши халқаро суғурта тажрибасини маҳаллий бозорга интеграциялаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Маълумки, интеграция жараёни ўрта ва узоқ муддатли истиқболга эга йўл харитасини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бундан ташқари, Агентлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий суғурта бозоридаги мавжуд камчиликларни баҳолаш, янги қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистоннинг мақсадли ҳудудларида янги суғурта маҳсулотларини синовдан ўтказиш зарур.
Диагностика мамлакатнинг иқтисодий йўқотишларга ва табиий офатларга нисбатан молиявий барқарорликни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТТД Ўзбекистондаги давлат ва хусусий сектор манфаатдор томонларига ўз ёрдамини тақдим этадиган олтита асосий йўналишни аниқлади.
Ушбу соҳаларга қуйидагилар киради:
Суғурта секторининг меъёрий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг назорат қилувчи ходимларининг малакасини ошириш;
Ҳукумат даражасида давлат активларини табиий офатлар хавфидан суғурталаш схемасини ишлаб чиқиш;
Инклюзив суғуртани ривожлантириш;
Қишлоқ хўжалигини суғурталаш схемасини ишлаб чиқиш ва хатарларни моделлаштиришни қўллаб-қувватлаш;
Микромолия хизмати кўрсатувчилари, фермерлар уюшмалари ва хотин-қизлар уюшмаларининг суғурта саводхонлигини ошириш;
Ишсизликни суғурталашнинг миллий тизими ривожи.
Юқорида йўналишлар таҳлил натижалари асосида аниқланган бўлиб, ушбу фаолият йўналишлари миллий манфаатдор томонлар билан муҳокама қилиниши ва 2022 йил июлидан 2024 йил июнига қадар қўшма иш режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган.