Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Sevimli телеканалининг Zamon дастурига берган интервьюсида коронавирус «омикрон» штаммининг «кентавр» номини олган янги тури ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди, дея ёзмоқда Gazeta.uz.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 7 июль куни «омикрон BA.2.75 ёки «кентавр» штаммининг кичик тури ривожланиши кузатилаётганини маълум қилди.
Мазкур кичик турлар бу номни интернет фойдаланувчиларидан бирининг таклифи билан Центавр юлдуз туркумидаги галактика номидан олинди. Euronews иқтибос келтирган экспертларнинг фикрича, у омикрондан кейин доминант вариантга айланиши мумкин.
«Штаммнинг қандай номланиши жуда катта аҳамиятга эга эмас», — деди у. «Уларнинг ҳаммаси коронавирус. Вирув ҳар ойда янги бир шаклга, кўринишга эга бўлиши мумкин. «Кентавр»нинг юқиш тенденцияси, мутахассисларнинг фикрича, бирмунча юқори. Бир пайтнинг ўзида жуда кўп одамларни касаллантириши мумкин. Ҳатто «омикрон»нинг бошқа тури билан касалланган одам ҳам ушбу вирусни юқтириб олиши мумкинлиги ҳақида гапириляпти», — дея қайд этди у.
Нурмат Отабеков «кентавр» Ўзбекистонга аллақачон кириб келган бўлиши мумкинлигини истисно этмади: «Ўзбекистон фуқаролари ҳозир дунёнинг хоҳлаган нуқтасида бўлиши мумкин. Шу нақтаи назардан вирус касалликнинг яширин даврида Ўзбекистонга кириб келган бўлиши мумкин».