Йўловчилари жуда кўп бўлган карвон юриб борарди. Лекин, об — ҳаво ёмонлашиб, ёмғирлар қуйилиб, момоқалдироқ, чақмоқлар чақа бошлади. Чақмоқ карвонга яқинлашар, сўнг бошқа томонга кўчар, йўловчиларнинг атрофида тинмай айланар, уларни қуршаб олар эди.
Бироз юриб бўлганларидан сўнг, йўлбошчи карвонни бир дарахтдан эллик қадам узоқликдаги масофада тўхтатди. Ва:
— Карвонда ўлими ёзилган шахс бор. У сабаб бошқалар ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Мен ҳар бирингизни бориб, ана у дарахтнинг танасини ушлашини, сўнг қайтишини хоҳлайман. Тақдирида шу чақмоқ сабаб ўлиши ёзилган инсон бўлса, уни чақмоқ уради. Ва у ўлади. Бошқалар ўлимдан қутилиб қоладилар! — деди.
Биринчи йўловчи юрак ютиб бориб дарахтни ушлади. Унга ҳеч нарса етмади. Тирик қолганидан хурсанд бўлиб кетди.
Бошқалар ҳам бирин — кетин дарахтни ушлашди. Охирги мусофир қолганда, ҳамма унга ўзгача кўз билан, кимдир раҳм — шафқат, кимдир уни карвон сафидан тезроқ чиқиб, дарахт сари одимлашини, тезроқ ўлишини, шу сабаб бу шумқадамдан қутилишни ўйлаб қарарди.
У аста, қўрқув ила карвондан ажралиб, дарахтга яқинлашди. Унинг танасини ушлаши билан чақмоқнинг қаттиқ, даҳшатли овозини эшитди. Карвонга ўгирилиб қаради. Карвон бир лаҳзада йўқ бўлган, фақат дарахт ушлаган мусофиргина тирик қолган эди!
Ҳа, чақмоқ бир зарба билан карвоннинг барча йўловчиларини ҳалок қилди. Ўша охирги мусофир сабаб шу пайтгача бошқаларга талофат етказмаганди.