Россиялик вирусолог, тиббиёт фанлари доктори, Гамалея миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази профессори Анатолий Альтштейн маймунчечакнинг хавфли жиҳатини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.
Унда таъкидланишича, маймунчечак коронавирус каби миллионлаб одамларга юқмайди, бироқ касалликдан ўлим даражаси юқори бўлади. «Ушбу вируснинг юз минглаб ва ундан ҳам кўпроқ одамларга кенг тарқалиши бизга таҳдид солмайди, маймунчечак фақат касал одам билан яқин алоқада бўлиш орқали юқади. Касаллик бемордан бошқасига 10 мартадан кўп бўлмаган ҳолда юқади. Бу хусусият вируснинг тез тарқалишининг олдини олади. Маймунчечакнинг хусусияти ҳар бир юқишда заифлашади. Вирус ҳайвонлардан одамга тўғридан-тўғри юқса, унинг ўлим даражаси жуда юқори бўлади.
Ҳайвондан одамга биринчи юқишида вирус жуда хавфли бўлиб, 1 дан 10 фоизгача ўлимга олиб келиши мумкин. У одамдан одамга кўпроқ тарқалгач, ўзининг ўлимга олиб келадиган хусусиятларини йўқотади», — деб маълумот берди у.
Одамлар бу инфекция фақат Африкада ҳайвонлардан, дунёнинг бошқа минтақаларида эса одамдан одамга юқишини қайд этган.
Аввалроқ маймунчечакнинг учта асосий аломати маълум қилинган эди. Шунингдек, маймунчечак 50 та янги мутацияга учрагани аниқланган эди.