Орамизда қарздорликни атайин тўламайдиганлар ҳам бор

Ҳаётда баъзан атайин коммунал тўловларни тўламай, бунинг ортидан ўзини “қаҳрамон” ҳисоблаб юрадиган тоифадаги кимсалар ҳам учраб туради.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, шундай хаёлдаги кишилардан бири «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ фойдасига 48 млн. 363 минг 100 сўм қарздорликни тўлаб қўйишига тўғри келди.

Гап шундаки, Мажбурий ижро бюросининг Паркент тумани бўлими иш юритувида, фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро судининг 10.02.2020 йилдаги қарорига асосан, фуқаро Э.Р.дан ундирувчи «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ фойдасига 48 млн. 363 минг 100 сўм қарздорлик ҳамда давлат фойдасига 483 минг 631 сўм ижро йиғими тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Яна бир ҳолат бор!

Бугун «кредит оласам ишим беш бўлиб кетади», деган хаёл билан банкка мурожаат қилиш тўғри эмас. Агар, кредит мақсадли бўлса, уни бирор тайинли ишга тўғри йўналтирилсагина фойда беради. Йўқса, кредит олиш ортидан катта ташвиш келиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Масалан, фуқоролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 24.01.2022 йилдаги қарорига асосан фуқаро Д.Д.га ўхшаб ундирувчи “Капитал банк”дан 82 млн. 725 минг 185 сўм қарз бўлиш ортидан қийналиб юришингиз мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра бу ҳолатда фуқаро 4 млн. 136 минг 259 сўм ижро йиғимини ҳам тўлади.

Энди бир ўйлаб кўрингчи, ортиқча ташвиш орттиришга ким сабабчи?