Тафаккур вақти: Нажот ҳаракатда

Бир фермернинг эшаги қудуққа тушиб кетди. Бечора жонивор зорланиб бақира бошлади. Ҳовлиқиб югуриб келган фермер ҳолатни кўриб, боши қотди. “Эшагим қариб қолганди, барибир кўпга бормайди. Ёшроғини сотиб олишни ўйлаб юргандим. Қудуқ эса қуриб қолган. Бу жойни кўмиб ташлаб, бошқа ердан қазимоқчи эдим. Ҳозир кўмиб ташласам, ҳаром қотган эшакнинг ҳиди ташқарига чиқмайди, чуқурдан ҳам қутуламан”, деб ўйлади у.

Фермер қўшниларини ёрдамга чақирди. Келганлар қўлига кетмон, куракларни олиб, енг шимариб ишга киришди. Эшак гап нимадалигини тушуниб, жони борича бақириб-ҳанграшга тушди. Лекин бироз ўтиб, овози тинди. Ҳамма ҳайрон. Яна бироз тупроқ ташлангач, фермер қудуқ ичига разм солиб, нима бўлганини билишга қарор қилди.

У кўрганларидан ҳайратда эди. Эшак елкасига тушган тупроқ уюмларини силкиниб қоқиб ташлар, оёғи остини тепкилаб-текислаб турарди. Шундай қилиб, эшак бироз вақтдан сўнг юқорига чиқиб олди!..

Бу воқеа ҳаётда бўлганига ишонгиси келмайди одамнинг. Ахир эшак фаросатсизлиги билан машҳур. Ҳикояни зарбулмасал сифатида қабул қилган маъқул. Шунда унинг ҳикмати осонроқ англашилади.

Кунда ёки кунора бошимизга турли ташвишлар уюми ёғилади, елкамизга қийинчиликлар юки тушади. Ана шундай пайтларда нолиб, зорланиб, ҳаракатсиз турганлар ғам-ташвишлар остида эзилиб-кўмилиб кетади. Доим олға интилиб, оғир ўй-хаёлларга бўй бермаганлар эса мақсадга эришаверади.

Ориф Толиб