Бугун, 26 июль куни Ўзбекистонда ҳаво иссиқ бўлади, фақат Хоразм вилоятида эрталаб баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари билан кузатилиши мумкин. Фарғона вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида гляциал (муз) сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 38-43 даража, жанубда баъзи жойларда 45 даражагача, шимолда 32-37 даража бўлади.
Пойтахтимизда ҳаво қуёшли бўлади. Шамол 3-8 м/с тезликда эсади, куннинг иккинчи ярмида 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат 41-43 даража атрофида сақланиб туради.
Тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кундузи 30-35 даража бўлади.