Янги рақобатчи Буюк Британия ва Франция компаниялари бирлашуви орқали тузилади.
Франциянинг Eutelsat сунъий йўлдош оператори ва Буюк Британиянинг OneWeb компанияси яқин кунларда АҚШнинг SpaceX (Starlink) ва Amazon (Amazon Project Kuiper) сунъий йўлдош дастурлари билан рақобат олиб бориш учун бирлашиши мумкин. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, 25 июль куниёқ келишув тузиш тугалланган. Аммо ҳар икки томон ҳозирча ҳар қандай изоҳ беришдан ўзини тиймоқда. Янги тузилаётган компания франциялик, британиялик, хитойлик ва ҳиндистонлик акциядорларга эга бўлади.
OneWeb ҳозирда 24 фоиз Eutelsat, 18 фоиз Британия ҳукумати ва 30 фоизи ҳиндистонлик миллиардер Сунил Бхарти Митталга тегишли. Eutelsat’нинг 20 фоиз акциялари Франция давлатига ва тахминан 7 фоизи Хитой инвестицион корпорациясигага қарашли.
Буюк Британия ва Франция ҳукумати вакиллари бирлашган компаниянинг директорлар кенгашига аъзо бўлиши кутилмоқда.