САМАРҚАНД: Пахтачи туманидаги ЙПХ масканида “Спарк” автомашинасида 2 нафар фуқаро ёнида 10 кг “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу “ажал оғу”сини Хоразм вилоятида сотишни режалаштиришган.
СУРХОНДАРЁ: Термиз туманида яшовчи 2 нафар фуқаро 2 кг. 60 гр “опий” моддасини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Улар Тожикистон Республикасидан келтирилган бу гиёҳвандлик воситасини термизлик фуқародан 28 минг АҚШ долларига сотиб олганликлари аниқланиб, у ҳам ушланди.
СИРДАРЁ: ДХХ ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида “Бекобод-Гулистон” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашинасида тожикистонлик фуқаро ёнида 1 кг “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқлаб қўлга олди. У наркотикни Қозоғистон Республикасига ўтказишни режалаштирган.
ФАРҒОНА: Тожикистон фуқароси ўзининг шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи бўлган аёл билан Сурхондарё вилоятининг Денов туманига бориб, Тожикистон Республикасидаги наркосавдогардан 11 минг АҚШ долларига сотиб олинган 976 гр. “опий” ва 994 гр. “гашиш” гиёҳванд моддаларини контрабанда йўли билан мамлакатимиз ҳудудига ўтказади. Сўнгра улар наркотик моддаларни олиб қайтаётган вақтларида Марғилон шаҳрида ДХХ томонидан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда Марғилонда яшовчи 2 нафар фуқаронинг ёнида Қирғизистон Республикасидан олиб келинган 698 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
ТОШКЕНТ в. Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи шахс 1 кг 961 гр “гашиш” моддасини шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинди.
НАМАНГАН: Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашинада кетаётган фуқаронинг ёнида 968 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, у мазкур наркотик моддани Қирғизистон Республикасидаги танишидан 7 минг АҚШ долларига сотиб олиб, учинчи шахслар имкониятлари орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 14 кг 734 гр. “опий” ва 3 кг 923 гр. “гашиш” моддалари мусодара қилинди.