асл башарамиз очилиб қолади
Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом катта бир давлатга ва лашкарга эга бўлганлар. Адолат билан иш юритадиган бир пайғамбар ҳамда давлат бошлиғи эдилар. Фақат инсонларгина эмас, ҳайвонлар ҳам унинг ҳукмига мунтазир турарди.
Кунларнинг бирида бир қуш қанотини дарвеш синдирганидан шикоят қилиб, Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига борибди. Ҳукмдор ўша дарвешни топтириб, ҳузурга олиб келтиргач:
– Бу қуш сендан шикоят қиляпти. Нега унга озор бердинг? – дея сўрабди.
– Султоним, бу қушни Аллоҳ одам боласининг манфаат топиши учун яратган. Мен бу қушни овламоқчи бўлдим. Сўнг унга қочиши учун ҳам фурсат бердим, аммо у қочмади. Мен буни менга таслим бўлганига йўйиб, унинг устига отилдим. Кейин у қочмоқчи бўлган эди, қаноти шикастланди, – деб ўзини оқлабди дарвеш.
Сўнг Сулаймон алайҳиссалом қушга юзланиб:
– Бу одам ҳам ҳақли. Сен нега фурсат берилганида қочмадинг? У сенга қўққисдан ҳужум қилмабди. Агар истасанг, қочиб қутила олардинг. Энди «қанотимни синдирди», деб ундан шикоят қиляпсанми?
Қуш шундай жавоб берибди:
– Ҳазратим, бу киши агар овчи бўлсайди, уни кўришим билан дарров қочиб қолардим. Мен уни дарвеш кийимида кўрганим учун ундан эмин бўлдим ва қочмадим. Ундан менга ҳеч бир ёмонлик етмайди, деб ўйладим. Ахир дарвешдан қандай қилиб бундай ишларни кутиш мумкин?..
Сулаймон алайҳиссалом қушнинг гаплари ҳақлигини мулоҳаза қилиб, дарвешга жазо тайин қилиб, «унинг қўлини кесинг», дея ҳукм берибди. Аммо қуш дарвешга ачиниб:
– Ҳазратим, илтимос бундай ҳукм қилманг, – деб ўтинибди.
– Бўлмаса, нима истайсан? – сўрабди ҳукмдор.
– Агар унинг қўлини кесдирсангиз, у омон қолган яна бир қўли билан ёмонлик қилишда давом этаверади.
– Унда нима қилишимни истайсан?
– Сиз унинг устидаги дарвешлик хирқасини ечиб олинг. Шунда бошқа қушлар худди мен каби унинг суратига алданиб қолмайди. Шунга яраша ўз эҳтиётини қилишади, – дебди…
Яхшилаб ўйлаб қарасак, дарвеш қиёфасидаги шу кимса бизга бегона эмас. Биз уни кўрганмиз, таниймиз. У атрофимизда кунда-кунора айланиб, бизнинг ишончимизга кириб олиб, доғда қолдириб кетиш учун пайт пойлаб юради. У жуда хатарли кимса – дўст ниқобидаги душмандир. Унинг ташқи суратини кўриб ишонч боғлаймиз, ичи эса ҳамиша бизни тузоққа тушириб кетади. Қанчалик ҳаракатда бўлиб, ўзимизни ундан эҳтиёт қилишни кўзласак-да, унинг зараридан омонда бўлишимиз жуда қийин.
Ҳатто бир ўзимиз тўрт девор орасида қолганимизда ҳам ўша зарардан эмин бўла олмаймиз. Во ажаб! Ёнимизда ҳеч ким бўлмаса, кимдан зарар етиши мумкин?!
Аслида ўша дўст ниқоби остидаги ашаддий душман – бизнинг ўзимиз! Ҳа, шундай. Ташқи суратимиз, шакл-шамойилимиз, ўзимизни тутишимиз жуда авлиёсифату ичимиз шунга муносиб эмас. Ичимизда ваҳшийлик уя қурган. Шахсий ғаразимиз – манфаат бозори ҳамиша чарх уриб турибди. Гап-сўзимиз, юриш-туришимиз, ўзимизни тутишимиз, бошқаларга зоҳирий муносабатимиз худди рисоладагидек таассурот қолдиради. Лекин ичимиз кину адоват, ҳирсу ҳаво, кибр, иғво, ҳасад, ичиқоралик, манманлик, ғаюрлик каби иллатлар билан тўлиб-тошиб ётибди. Шундай бўлишига қарамай ўзимизни атрофдагиларга жуда сипо кўрсатиб, ҳамманинг ишончини ўзимизга жалб қилиб, шу ҳолатни устимизга бир либос қилиб юрамиз. Шундан содда ва оққўнгил кишилар бизга ишониб, ихлос қўйишади. Яхшиямки, бизнинг шу либосимиз остида нима борлигини одамлар билмайди. Агар билиб қолишса, авҳолимиз нима кечарди – бу фақат Аллоҳга аён.
Юқоридаги ҳикоятда келган дарвешнинг хирқасига ўхшаб, бизнинг ҳам сохтакорлик либосимиз куни келиб устимиздан ечиб олинса, биздан нима қолади? Аҳволимиз нима кечади?
Бугун ҳаммага ақл ўргатамиз. Ҳаммага маслаҳат берамиз. Ҳеч кимга гап бермай гапдонлик қиламиз. Бировни бир тийинга олмаймиз, назар-писанд қилмаймиз. Аммо ич-ичимизда, ўз-ўзимиз билан ёлғиз қолганда, виждонимиз билан юзма-юз бўлганда ўзимиз киммиз? Ўз аҳволимиздан қочиб қаерга борамиз? Бошқалар-ку, майли, бизни одам ўрнида кўриб, бизга ишонишар, аммо ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзимизга ишона оламизми? Суяна оламизми?
Ҳар биримиз шу каби саволлар билан ўзимизни холис ва самимий тафтиш қилишимиз зарур. Бу иш Сўфи Оллоёр бобомиз таъкидлаганларидек, ажал тутмай ёқани тутишимиз учун бир восита бўлади.
Камолиддин ШАМС