Бир киши донишманддан сўради:
— Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?
— Шошма, — деди донишманд, — аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ…
— Учта элак?
— Бирор гапни айтишдан олдин, уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми?
— Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.
— Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи — ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?
— Йўқ, аксинча.
— Демак, — давом этди донишманд, — сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз — ФОЙДА элаги. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга фойда келтирадими?
— Йўқ, ҳожати йўқ.
— Демак, — хулоса қилди донишманд, — сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан?!