Ўша беқарор ўргимчакни кўргансан, хаёл билан кунини ўтказади у. Узоққа борадиган фикру андеша ваҳми орқасида ўз бурчагида уя ясайди.
Чивин илинсин деб ҳаваслардан ажойиб тузоқ тўқийди. Чивин ёки пашша тузоғига илингач, нишини унинг мағзига суқиб, қонини сўради, кейин уни қуритиб қўяди ва вақти келганда уни ҳам еб қувватланади.
Кунлари шундай ўтади, токи бир кун уйнинг эгаси қўлига таёқ олиб, бир нафасда ўргимчак ва чивин уясини барбод этади. Дунё ҳам ўша чивин илинган ўргимчак уяси кабидир.
Бутун дунё қўлингга кирса ҳам, пайти келиб бир кўз очиб-юмгунча нобуд бўлади. Агар шоҳлигинг билан мағрур бўлсанг, бу гўё йўлда ўйнаётган боланинг ишини қилган бўласан.
Эшак миясини емаган бўлсанг, ҳашак истама, ҳашакни молларга берадилар, эй бехабар. Кимки ноғора ва байроқдан холи эмас, у ҳар қанча бонг уриб даъво қилмасин, дарвеш эмас. Байроқда ел, ноғорада овоз бор, ел ва овоз ярим чақага арзимайди, билсанг. Беҳуда юмушлар отига миниб чоптирма кўп, хожа, мулктсорман деб беҳуда керилма.
Йўлбарснинг терисини шилиб олганларидай, бир куни сенинг ҳам жисмингдан терингни шилиб оладилар. Кўришиб туриш маҳол бўлгач, киши ёки йўқолади ё ағдариб ташланади. Доим бошни осмонга кўтариб, кеккайиб юриш мумкин эмас. Бошингни эг, қачонгача ёш болалардай ўйнаб юрасан? Ёки бошингни қўйиб таслим бўл, бошқа сарварлик қилма, ёки бундан ортиқ ўйинга берилмагин. Бу сарою боғларинг — сенинг зиндонинг.
Хонумонинг — жонингга бало. Бу такаббур тупроқ тўда баҳридан ўт, қачонга-ча ғавғо ва ташвишга бўла бу дунёга дил боғлайсан? Ҳиммат кўзини очиб, йўлни кўр, бу йўлга қадам қўйиб, Даргоҳни кўр. Жонингни шу Даргоҳга етказсанг, иззатда — улуғворликда бу жаҳонга сиғмай кетасан.
Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.