Антрополог Маргарет Мид талабаларидан энг кўҳна ўтмишда цивилизациянинг биринчи белгиси нималигини сўради.
Талабалар профессорга ишлов берилган тош, илгаклар, сопол идишлар ёки ғилдирак каби кўплаб жавобларни беришди. Лекин Миднинг таъкидлашича, қадимги маданиятда цивилизациянинг биринчи белгиси одамнинг синган ва кейин тузалиб кетган сон суягидир.
Антропологнинг тушунтиришича, ўтмишда оёғини синдириб олган ҳар қандай тирик мавжудот ўлимга маҳкум бўлган. Юролмаган жонзод хавф-хатардан қочиб қутула олмайди, сув ичиш учун дарёга етиб боролмайди ёки ов қила олмайди. Бундай ҳолатда суяги синган одам йиртқичларнинг ўлжасига айланади, чунки суякнинг битиши учун узоқ вақт керак бўлади.
Cинган ва кейин тузалиб кетган одамнинг сон суяги шундан далолат берадики, кимдир жароҳат олган одам учун вақт ажратган, уни хавфсиз ерга олиб ўтиб, ярасини танғиган, озиқ-овқат келтириб берган. Бу инсонлар ўртасида яхшилик қилиш, меҳр-шафқат кўрсатишнинг олий кўриниши.
Қийин бир даврда бошқа одамга ёрдам бериш учун ўзида куч топиш — цивилизацияни бошлаб берган ҳаракат, деб хулоса ясади Маргарет Мид.
«Биз ғалаба қозонамиз» китобидан