Буюк Британия: Аҳоли камроқ чўмилишга тарғиб этилмоқда

 Буюк Британия аҳолисига сув танқислигини олдини олиш учун чўмилиш вақтини камида бир дақиқага қисқартириш тавсия қилинди.  Бу ҳақда The Sunday Times газетаси қиролликдаги сув таъминоти компанияларидаги манбаларга таяниб хабар берган.

 «Сиёсий жиҳатдан, ҳеч бўлмаганда қисқа муддатда оммалашмаслиги мумкин, аммо бизда оддий танлов бор: инфратузилма учун миллиард фунт сарфлаш ёки одамлардан душда бир дақиқа камроқ вақт сарфлашни сўраш», — дея нашр манбаълардан биридан иқтибос келтириб ўтган.

 Қайд этилишича, ҳукумат дастури доирасида ҳар бир британиялик 2050 йилга бориб кунига 145 литр сувдан фойдаланишни 110 литргача камайтириши керак.

Мутахассислар прогнозларига кўра, Буюк Британияда 25 йилдан сўнг аҳолини сув билан таъминлаш учун кунига қўшимча 4 миллиард литр сувга эҳтиёж пайдо бўлади.

 6 август куни Daily Mail газетаси Буюк Британияда мисли кўрилмаган жазирама тўлқини фонида жорий қилинган сув чекловлари жами 20,5 миллион кишига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.