Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўтган даврида 2 миллиондан ошиқ истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаати бузилган. Етказилган зарар миқдори — 40 миллиард сўм. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 12 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 40 фоизи уй-жой коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига тўғри келса, 38 фоизи савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 16 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 6 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.
Агентлик мутахассислари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўрганиш жараёнида 2 миллион 240 мингга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги аниқланган. Шундан, истеъмолчиларга етказилган зарар миқдори 40 миллиард ташкил этган.
Бугунги кунга қадар Агентлик саъй-ҳаракати билан истеъмолчилар фойдасига 24,5 миллиард дан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Қолган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларга эга бўлмаган сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олганликлари ҳақида истеъмолчилардан 1 500 га яқин мурожаатлар келиб тушган.