Саудиялик таниқли дипломат ва бизнесмен Муҳаммад ал-Қаҳтоний Мисрдаги нутқи чоғида вафот этди. Бу ҳақда «Pledge Times» хабар берди.
Ҳодиса Қоҳирада халқаро, минтақавий араб идоралари ва ташкилотлари вакиллари, шунингдек, қатор элчилар ва араб арбоблари иштирокида бўлиб ўтган араб-африка конференциясида юз берган. «Ал-Салам» холдинг компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад ал-Қаҳтоний нутқи чоғида ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган.
У касалхонага олиб борилган, бироқ фойдаси бўлмаган. Дипломатнинг ёнида рафиқаси ҳам бўлган. Ҳозирда ўлим сабаби маълум эмас. Таъкидланишича, ал-Қаҳтоний ўз нутқида Миср, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари президентлари ва қироллари ҳақида гапирган.
Конференция ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши кураш ташкилоти томонидан ўтказилган. Дипломат вафоти муносабати билан тадбир бекор қилинган.