Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган ўзбекистонлик шахматчиларга давлат мукофоти ва автомобиль берилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 август куни Тошкент архитектура-қурилиш институтига ташрифи чоғида маълум қилди.
“Уларга катта мукофотлар берсак бошқалар учун ҳам бу мотивация бўлади. Ҳамма ота-оналар фарзандларини шахмат тўгаракларига беришни бошлайди. Уларга давлат мукофотларини ҳам берамиз. Бундан ташқари, автомобиль беришни ҳам режалаштирдик. Ахир уларнинг боксчилардан нимаси кам!?”y, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент жорий йилнинг 5 август куни имзолаган қарорига биноан шахматчиларга 600 миллион сўмдан мукофот берилишини қўшимча қилди.
“Шахматга оид 3 йилда учта қарор қабул қилдим. Нима учун? Биз 20 йил давомида бу соҳада кечикканимиз учун қарорларни қабул қилдим. 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига энди барча бошқача тайёргарлик кўради. “Биз чемпионлар юртига боряпмиз”, дейишади”, дейди Мирзиёев.