Чўпон денгиз яқинида қўйларини боқарди. Қарасаки, денгиз ниҳоятда тинч, буни кўриб хаёлини денгизда сузишу савдогарлик қилиш ўйи банд этди. Чўпон тезда қўйларини сотиб, пулига хурмо сотиб олди, кемага отди-ю, ҳаё ҳуйт деб сафарга чиқди.
Иттифоқо, даҳшатли довул қўзғалиб, кемани чирпирак қилиб ағдарди – бутун моли денгиз қаърига кетди, ўзи аранг қирғоққача сузиб келиб жон сақлади.
Денгиз қирғоғида беҳол ётаркан, қарасаки, бир киши денгизга тикилганича унинг сокинлигини мақтаб турибди.
Чўпон унга қараб:
«Биродар, чамаси, денгиз сендан ҳам хурмо кутаётганга ўхшайди!» – деди.
Алқисса, оқил кишилар учун кўргилигу шўришлари сабоқ бўлади.
Эзоп масалларидан