Ҳокимлик ходимлари шакарни пора сифатида олган — Қозоғистон

Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Қўстанай вилояти барқарорлаштириш жамғармасидан шакар тарқатишнинг ноқонуний схемасини аниқлади.

Аниқланишича, ҳокимлик ва «Тобол» қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативи ходимлари шакар тақчиллигидан фойдаланиб, уни маълум тадбиркорларга навбатсиз ва ортиқча миқдорда вилоят барқарорлаштириш жамғармаси ҳисобидан бир килограммни 420 тенгедан арзонлаштирилган ҳолда берган.

«Бунинг эвазига тадбиркорлар 100 килограмдан 500 килограмгача шакарни ҳокимлик ходимларига мукофот сифатида берган. Бундан ташқари, тадбиркорлар аҳолига шакарни белгиланган 10 фоиз ўрнига 100 фоизлик устама билан сотган», дейилади хабарида.

Барқарорлаштириш фонди омбор мудирининг шахсий гаражи текширилганда 900 килограмм шакар топилиб, мусодара қилинган. Қўлга олинган шакар барқарорлаштириш фондига қайтарилган.