Жорий йилнинг 12 август куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Миллий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2022 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, соҳа бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, соҳага доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилди. Хусусан, 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, яъни 3 та қонун, 1 та Президент фармони ва 4 та қарори қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли Конвенцияси ратификация қилинди. Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши қурилиш соҳасига меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилотининг соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат муносабатларини тартибга солишни назарда тутадиган тегишли конвенцияларини ратификация қилиш масалалари Миллий комиссия аъзолари томонидан ўрганилаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Миллий комиссия томонидан мамлакатимизда соҳа бўйича амалга оширилган ислоҳотларни халқаро ҳамжамият диққат эътиборига етказиш ҳамда мамлакат имижини кўтариш мақсадида қатор халқаро тадбирлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди ва аниқ натижаларга эришилди.
Таъкидланганидек, АҚШ Давлат департаменти томонидан 2018 йилда эълон қилинган “Одам савдоси бўйича йиллик ҳисобот”да Ўзбекистон қуйи 3-даража давлатлари қаторидан 2-даражадаги давлатларнинг “назорат рўйхатига” ўтказилган эди. Яқинда эълон қилинган навбатдаги ҳисоботда эса 2021 йилдаги каби халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар (2- тоифа) рўйхатида ўзгаришсиз қолдирилди.
Ҳисоботда Ўзбекистонда пандемия шароитида одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланган. Хусусан, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, шу жумладан, фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилган расмийларни аниқлаш ва уларни жазога тортиш, пахта теримига фуқароларни мажбурий жалб қилиш ҳолатларининг кескин қисқарганлиги, одам савдоси қурбонлари учун бошпаналар ташкил қилишга маблағ ажратиш масаласига катта эътибор берилганлиги алоҳида қайд этилган.
Тадбирда АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маъруза ҳамда унда Ўзбекистон эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар юзасидан билдирилган тавсиялар муҳокама этилиб, мазкур тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Маълумки мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди. Бу ўз навбатида ўзбек пахтасининг жахон бозорига чиқиш имкониятини янада кенгайтирди.
Бугунги кунда пахта-тўқимачилик соҳасидаги кўплаб йирик бренд корхоналарнинг вакиллари юртимизга ташриф буюриб, ушбу соҳага инвестиция киритиш истагини билдирмоқда. Шу билан бирга тўқимачилик корхоналарида техник ва ишлаб чиқариш стандарларини халқаро даражага мослаштириш нуқтаи-назаридан таклифларини ҳам бермоқда.
Шу муносабат билан, Миллий комиссияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон тўқимачилик саноатига халқаро техник стандартларни ва ишлаб чиқариш талабларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мазкур “Йўл харитаси”да тўқимачилик корхоналарида техник ва ишлаб чиқариш стандартларини халқаро даражага мослаштириш, халқаро бренд ва йирик компанияларнинг маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, пахта-тўқимачилик саноатидаги корхоналаримиз фаолиятига халқаро тан олинган меҳнат, ишлаб чиқариш, техник ва бошқа стандартларни кенг татбиқ қилишга қаратилган 20 га яқин тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Мажлисда Миллий комиссия таркибидаги Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахборотлари ҳам эшитилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.