Давлат экология қўмитаси раҳбари Нарзулло Обломуродов бир вақтнинг ўзида 5 та хизмат машинасидан фойдаланиши хабар қилинганди. Қўмита ахборот хизмати 14 август куни мазкур хабарга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, қўмита раҳбарияти хизмат автомашиналаридан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга асосан фойдаланиб келмоқда
«Қўмита раисига 1 та ‘Mercedes’ автотранспорт воситаси бириктирилган. Шунингдек, зарур ҳолларда хизмат вазифасини ўташ давомида олис ва чекка ҳудудларга хизмат сафари вақтида ёқилғи харажатларини тежаш мақсадида техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган навбатчи электромобиль ишлатилиши мумкин», дейилади хабарда.
Mаълум қилинишича, 2022 йилда қўмитанинг барча ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоий вилоятларининг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар учун 40 дан ортиқ автотранспорт воситалари («Нива», электромобиль, «Damas») хорижий ҳамкорларнинг техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган. Ушбу автотранспорт воситалари хариди учун бюджет маблағлари умуман сарф қилинмаган.
«Фурсатдан фойдаланиб, Давлат экология қўмитаси шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон, асосланмаган ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тегишли жавобгарлик нормалари белгиланганлигини эслатиб ўтамиз», дея қўшимча қилинган хабарда.