Ижтимоий тармоқларда жорий йил олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига ўқишга кириш учун физика фанидан айрим тест топшириқлари Туркиядан ўзгаришсиз кўчириб олингани айтилган ва таққосланган мисоллар тарқалди. Ҳолат Давлат тест маркази мутахассисларига ишончсизлик ва эътирозларни келтириб чиқарди.
Ижтимоий тармоқларда ва жамоатчилик орасида кун тартибига чиққан ушбу ҳолат бўйича Давлат тест маркази муносабат билдириб, тест саволлари кўчирилмагани, балки ўзгартириб олинганини маълум қилди.
“Қайд этиш керакки, физика фанидан келтирилган тест топшириқлари турк тилидаги тест топшириқларидан ёки бошқа манбалардан кўчириб олинмаган. Балки хорижий ташкилотлар томонидан тузилган тест топшириқлари ўрганилиб, улардан ғоя олинган ҳолда янги тест топшириқлари шакллантирилган”, дейилади ДТМ изоҳида.
Давлат тест маркази, шунингдек, Туркия олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари тест синовларидан фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқига зидлигига ҳам муносабат билдирган:
“Бу тестология қоидаларига ва муаллифлик ҳуқуқига зид эмас. Давлат тест марказининг экспертлари томонидан тузилган тест топшириқлари хорижий манбалардаги саволлар билан бир хил эмас ва улар Ўзбекистондаги давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари асосида тузилган”.