Тафаккур вақти: ТАШНА БЎЛСАНГ, СУВГА ТАЛПИН!

Анҳор бўйида баланд девор бор эди. Нариги томонда ташналикдан тинкаси қуриган одамнинг сувга етишишига шу девор тўсқинлик қиларди.
Бечора сувсизликда қолган балиқдай талпинарди.

Чанқоқнинг зўридан девордан оша бир ғишт парчасини отарди. Унинг анҳорга тушиб чиқарган товуши, ошиқ учун ёр овозидек ёқимли эди.

У яна ғишт олиб отишни бошлади. Ирмоқ: «Тош отиб мени безовта қилишдан сенга нима наф?», деди. Ташна: «Бундан менга икки фойда бор. Сувнинг овозини эшитиш мен каби чанқоққа хуш ёқади. Мен олаётган ҳар бир ғишт деворнинг юксаклигидан қисқартиради ва сувга етишим тезлашади.

Борлиқ девори Роббул оламинга қурбат қосил қилишга, Унга сажда этишга тўсиқ бўлиб тураверади. Бу тупроқ бадандан айрилмагунча оби-ҳаётдан тўйиб-тўйиб ичиш имкони бўлмайди. Девор ортидагилардан ким қанчалик ташна бўлса, шунчалик жидду-жаҳд билан девор ғиштларини улоқтиришга киришади.

«Маснавий»дан