Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, Ер юзида сўнгги тўрт ҳафта давомида коронавирусдан вафот этганлар сони 35 фоизга ошган. Хусусан, ўтган ҳафтанинг ўзида 15 минг киши мазкур касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
“СOVID-19нинг олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятлар мавжуд шароитда бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган кўрсаткичдир, — дейди ЖССТ раҳбари Т. Гебрейесус. — Ҳаммамиз пандемиядан чарчадик. Аммо вирус биздан чарчамади”.
Таҳлилларга кўра, ҳозир дунёда “омикрон”нинг BА.5 субварианти доминантга айланган. У сўнгги бир ой ичида мавжуд коронавирус версияларининг қарийб 90 фоизини ташкил этяпти.
“Кўпчилик бу вирус билан яшашни ўрганиш вақти келди, деб айтади. Бироқ биз ҳафтасига 15 минг кишини йўқотишга томошабин бўлиб тура олмаймиз. Инфекция туфайли шифохонада даволаниш ва ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётган экан, вакциналар имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишимиз керак”, — деб қўшимча қилди Т. Гебрейесус.