Бир йилда бир маротаба, фақат тил байрамида эсга тушиб қоладиган ўзбек тили масаласи бу йил эртароқ эътибор марказида. Бунга сабаб эса 6 июн куни имзоланган «Реклама тўғрисида»ги янги қонун бўлди. У сентябр ойининг бошида кучга киради.
Муҳокамаларга сабаб бўлган қонунда нималар белгилаб қўйилган?
«Реклама тўғрисида»ги янги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 декабрда қабул қилинган ва 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган.
Қонунда рекламада қўлланиладиган тилга, шунингдек, реклама мазмунини давлат тилидан бошқа тилларга таржима қилишга нисбатан янги талаблар белгиланди. Жумладан, қонуннинг 6-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Шунингдек, ушбу моддада қуйидагилар белгилаб қўйилган:
«Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг амал қилиши:
фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;
Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.
Белгиланган тартибда рўйхатга
олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин».
Муаммо нимада?
Адлия вазирининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова «Реклама тўғрисидаги қонун ҳадемай кучга киради — яна тилимиз биринчи ўринда эмас(ми)?», деб савол қўйди.
“Қонун кучга киришига 1 ойдан кам вақт қолганига қарамай ҳамма негадир жим ва ҳаракатсиз. Ҳеч бир тадбиркор идораси, дўкони ё савдо маркази пешидаги реклама лавҳаларини янгилашга ҳаракат ҳам қилмаяпти, масъул ташкилотлар, хусусан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва соҳага бош масъул Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти жим. Департаментнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида бу ҳақида бирон гап йўқ, телевидение ва радиода бу ҳақида сўз айтилмаяпти, тадбиркорлар лавҳаларни янгилаш тўғрисида хабарнома ҳам олмаганлар. Хуллас, амалда ҳеч ким Қонуннинг 6-моддасини бажармоқчи эмас, шекилли”, — дейди у.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқ вакиллари ушбу фикрга ўз муносабатларини билдирмоқда. Кимдир ушбу фикрларга қўшилса, бошқа биров эса муаллифни миллатчиликда айблади.
«Адлия вазири маслаҳатчиси рус тилига қарши чиқди»
Адлия вазири маслаҳатчиси рус тилига қарши чиқди. Шаҳноза Соатованинг айтишича, кўчалардаги русча реклама бизни «номуссиз» қилади. Шунингдек, у Ўзбекистон ўзининг мустамлакачилик ўтмишидан (Россия) қутула олмаётганидан норози.
Сергей Мохин, блогер
«Агар ишлаш ва ривожланиш учун тил билишим керак бўлса, мен уни ўрганаман»
Шаҳноза Соатованинг реклама ҳақидаги пости учун нега ҳамманинг жаҳли чиққанини тушунмайман. Шаҳноза адлия вазирининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси эканидан бошлайлик.
Давлат тили соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ва тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини танқидий ўрганиш, қонун талабларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш, давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилишда иштирок этиш унинг иш вазифаларидандир.
Агар ишлаш ва ривожланиш учун тил билишим керак бўлса, мен уни ўрганаман. Ҳар ким ўз ишини қилсин.
Ирина Матвиенко, блогер
«Ҳақиқатан ҳам бу бизнинг ягона муаммомиз, қолганлари аллақачон ечимини топган»
Шаҳнозанинг сўзларига тўлиқ қўшиламан.
Биринчида, ҳақиқатан ҳам бу бизнинг ягона муаммомиз, қолганлари аллақачон ечимини топган. Россияга боғланиб қолганимизни шармандали ҳолатимизнинг асоси.
Бу ерда муносиб маош тополмасдан, у ерда ишлаётган 5 миллион мухожиримиз эмас, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз учун муқобил бозорларнинг йўқлиги (биз ривожлантирмаган) эмас, алифбомиздаги 30 йиллик ноаниқлик эмас, умуман улар эмас, айнан рус тилига боғланиб қолганимиз.
Ферузхон Ёқубхўжаев, блогер
Шаҳноза Соатова нима қилди ўзи?
Кеча Адлия вазирининг тил бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ўз блогида 9 сентябрдан бошлаб кучга кирадиган “Реклама тўғрисида”ги қонун бўйича фикрларини билдирди. Унга бу борада кузатилаётган ҳаракацизлик ва жимжитлик ёқмаётганини айтиб ўтди.
Янги таҳрирдаги Қонунга кўра реклама давлат тилида берилиши шарт. Вазиятга кўра бошқа тилларга таржимаси келтирилиши мумкин, бироқ унинг шрифти давлат тилидаги асосий матндан кичикроқ бўлиши, мазмунини тўғри ифодалаши ҳамда умумий реклама майдонининг кўпи билан 40 фоизини эгаллаши мумкин.
Аммо бу бўйича ҳали ҳеч қандай ишлар олиб борилмаётганини, на ТВ да маълумот берилгани ва на тадбиркорларга ҳокимятлар томонидан бу бўйича кўрсатмалар келмаганини айтди.
Шундан кейин турли туман бурчаклардан опанинг адресига хейтспичлар кела бошлади. Уни русофобияда айблаш бошланди. Турли Россия телеграм каналларида ҳам вазиятга гўёки Шахноза ўзидан ўзи чиқиб шундай шундай деб масала қўйгандай гапирилди.
Энди миндеда ўртоқлар, ошпаз овқат қилаётгани учун уни бирор нарсада айблаш мумкинми? Вай манави журналист мақола ёзибди, бунга қандай ҳадди сиғди? Сартарош соч оляптикан маҳалла қаерга қараяпти? Нега чевар кўйлак тикяпти? Нима шаҳар бедарвозами? Сарказмни тушундингиз.
Соатова Адлия вазирини тил масалалари бўйича маслаҳатчиси, у ўз ишини қиляпти!!! Халқ бераётган ойликни оқлаб қиляпти ўзига юклатилган ишни. Бу қонун анча аввал қабул қилиб бўлинган. Нега ўша қонун қабул қилинганда чиқмаган тиллар, кимдир қонун ижросини сўраганида чиқяпти? Индамаслик керакми? Қонун бажарилмаётганини жим кузатиш керакми кимлардир хафа бўлиб қолмасин деб? Йўқ!
Сўраш керак, тарғиб қилиш керак, талаб қилиш керак! Қабул қилинган қонунлар ишламай ётаверса қачон одам бўламиз? Бошқа қонунлар ишламаяптию дейишса, буям ишламай қўяверсин деб ётмаяпти бунга масъул одамлардан бири сифатида. Шу қабул қилиб бўлинган қонунни ишлашини сўраяпти Шахноза. Агар ҳамма шу Шахнозага ўхшаб, ўзини йўналишидаги қонунлар ишлашини талаб қилиб олганида гуллаб яшнаб кетардик. Хуллас Шахнозани оқлеман и дуолеман.
Нурбек Алимов, блогер
Яна бир ишламайдиган қонун кучга кирдими?
Ўтган 32 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, парламент томонидан ўзбек тили тўғрисида кўплаб қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2019 йилда ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш мақсадида давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Аммо…
Корхоналар номланишига масъул бўлган Давлат статистика қўмитаси, реклама эълонлари билан шуғулланувчи юқори ташкилотлар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқ таълими, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирликлари каби фаолияти она тилимиз билан бевосита алоқадор ташкилотларнинг бирортаси давлат тили борасида жон куйдиргани, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борганини кўрмаганмиз. Қонун бор, аммо унга ҳеч ким амал қилмайди, ижроси таъминланмайди, қоидалар қоғозларда қолиб кетган.
Реклама тўғрисидаги қонун кучга киришига бир ойдан кам вақт қолди, лекин бирорта масъул ташкилотнинг “хўп” деганини эшитмадик. Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳам, Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳам оғзига талқон солиб олгандек.
Хўш, янги қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонун ҳам юқоридаги каби ижросиз, назоратсиз қонунлардан бўлиб қолаверадими?
Шахруза Сатторова