«Автотуризм бизда янги йўналиш бўлиб, тез ривожланиб бормоқда» — Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Жорий йилнинг 19 август куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасидаги “XV халқаро off road фестивали” якунлари бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Лола Раҳмонбоева, вазирлик оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева, Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бобожонов, “Покатушки клуб” директори Отабек Олимжонов ва бошқа масъул шахслар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Анжуманда нутқ сўзлаган Лола Раҳмонбоева мазкур автосаёҳат Ўзбекистон Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитини юқори савияда ўтказишга доир топшириғига мувофиқ, саммитда Самарқанд руҳини акс эттиришга қаратилган туркум тадбирлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Матбуот анжуманида ўтказилган тадбирлар аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасидаги “XV халқаро off road фестивали” Ўзбекистонда автотуризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

Анжуманда нутқ сўзлаган Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов off-road фестивали йўл танламас автомоблиллар ишқибозлари, автотуризм ихлосмандлари учун ҳақиқий совға бўлганини айтиб ўтди.

“Автотуризм бизда янги йўналиш бўлиб, тез ривожланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили бу фестивалга 500 нафар атрофида туристлар келган бўлса, бу гал 800 нафар турист off-road фестивалига ташриф буюрди. Бу эса Ўзбекистон автотуризмига қизиқиш ортиб бораётганини билдиради. Таъкидлаш керакки, фестивал давомида атроф-муҳитга зарар етказилгани йўқ”, деди Жамшид Бобожонов.

“Покатушки клуб” директори Отабек Олимжонов эса фестивални ўтказишдаги ташаббускорлик учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди.

“Ушбу фестивалнинг асосий ютуғи – хорижлик автопойгачилар билан бевосита тажриба алмашилди, – деди Отабек Олимжонов. – Мақсад Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларигача етиб бориб, йўл инфратузилмаларини яхшилаш, автотуризм борасидаги муаммоларни бартараф этишдир. Бугун чет эллик туристлар Ўзбекистонда автотуризм жадаллик билан ривожланиб бораётганидан ҳайратдалар ва мамлакатимизга интилишяпти. Бу эса юртимизда автотуризмни ривожлантириш учун жуда яхши имкониятдир”.

Матбуот анжумани давомида келгусида мамлакатимизда джип туризми ва off-road туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олдинда турган янги лойиҳалар ҳақида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021–2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида сиёсат, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишларда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида 50 дан зиёд тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 августдаги №31-31/1-1813-сон билан тасдиқланган “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасидаги “XV халқаро off road фестивалини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги 74-сонли баёнига мувофиқ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан “Покатушки клуб Узбекистан” жамоаси томонидан Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 10–20 август кунлари “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ва унинг доирасида “XV халқаро off road фестивали ташкил этилди.

(Автосаёҳат” лойиҳаси – ШҲТга аъзо давлатлардан йиғилган ҳаваскор ва кўнгилли автосайёҳлар ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан ҳаракатланиб, йўналиш схемасига мувофиқ, давлатлар кесимда жамоавий шаклда ШҲТга аъзо давлатлар орқали Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жорий йилдаги саммитига мезбонлик қилувчи Самарқанд шаҳрига этиб келишади. Ушбу лойиҳа доирасида автосайёҳлар шарқ гавҳари саналмиш Самарқанд шаҳрининг бой туризм салоҳияти билан яқиндан таништириш, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик алоқалари ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Халқаро офф-роад фестивали – джип туризм ихлосмандлари ташаббуси билан 2006 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлади ва йиллар давомида халқаро мақомга эга бўлди. Шунингдек мазкур фестивал дунёнинг турли ўлкаларида, хусусан, МДХга аъзо давлатларда ташкил этилган. Мазкур фестиваллар Байкал, Байкалбўйи, Хакасси, Олтой тоғлари, Жанубий Урал, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия ва Белоруссия Республикалари ҳудудларида жами 14 маротаба ташкил этилган. 2013 йил 24-25 август кунлари Қирғиз Республикаси Иссиқ кўлда VIII-халқаро офф роад фестивали ташкил этилган. Фестивалда 100 га яқин йўл танламас автомобиллар ва 200 дан зиёд экипаж аъзолари ҳамда 500 дан зиёд тадбир томошабинларини жами 700 яқин иштирокчиларни ўз атрофида қамраган, мазкур фестивал тадбир иштирокчилари ва меҳмонлари томонидан юқори баҳоланган. Ушбу йўналишдаги ишларни давомли амалга ошириш мақсадида, 2021 йил октябрь ойида Грузияда бўлиб ўтган офф-роад форумида очиқ овоз бериш йўли билан Ўзбекистон 2022 йилдаги фестивални ўтказишга мезбонлик қилиш мукофотини қўлга киритилган. Мазкур фестивални мамлакатимизда ўтказиш мақсад Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигини намойиш этиш, бой ва ғоят хилма-хил туристик салоҳиятга эга эканлиги, тоғлари, қир-адирлари, дарё ва кўллари, чўли-биёбонларини бутун дунёга танитиш, туризмнинг хилма-хиллигини оширишдан иборат.)

Ушбу тадбирларда иштирок этиш учун ШҲТга аъзо давлатлардан Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Монголия ҳамда МДҲга аъзо давлатларидан Озарбайжан, Грузия ва Арманистон Республикаларидан 800 га яқин иштирокчилар (200 га яқин йўл танламас автомобиллар ва 10 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ва блоггерлар ҳамда 500 га яқин тадбир меҳмонлари ва томошабинлар) ташрифи амалга оширилиб, иштироки таъминланди.

Маълумот учун: Жорий йилнинг 11 август куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” тоғ чанғи мажмуасида тадбир иштирокчилари юқори савияда кутиб олиниб, тадбирнинг очилиш қисми ташкил этилди. Тадбирни Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ж. Бабаджанов, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Миллий ПР-маркази” ДУК директори Д. Самандаровалар очиб беришди.

Жорий йилнинг 12-13 август кунлари қуйидаги тадбирлар ташкил этилди: 4Р6-автомобиль йўли бўйлаб (Чимён-Билдирсой-Ғазалкент-Чорвоқ-Юсупхона-Чимён) автомобиллар паради; “XV халқаро off road фестивали”ги бағишланган анжуман; йўл танламас автомобиллар ўртасида беллашувлар ва турнирлар,; “Джип триал” ва “GPS йўналиши” бўйича мусобақалар, тадбир иштирокчилари ўртасида спорт мусобақалари, “team building” маҳорат дарслари ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14-15 август кунлари мамлакат бўйлаб саёҳат экспедициялари ҳамда “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси юқори савияда ташкил этилди. Автосаёҳат лойиҳасига 30 дан зиёд Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Монголия Озарбайжан ва Грузия давлатлари вакиллари кенг жалб этилди. Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат лойиҳаси доирасида лойиҳа иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида тантанали кутиб олинди, шу билан бирга, Регистон мажмуасидаги Улуғбек мадрасасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси раҳбарияти иштирокида анжуман ташкил этилиб, автосаёҳат лойиҳаси иштирокчилари томонидан мазкур лойиҳа ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир сўнггида лойиҳа иштирокчилари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Юқоридаги тадбирлар тафсилотлари ҳақида “O‘zbekiston24”, “Dunyo bo’ylab”, “Sevimli TV”, “MY5”, “Нурафшон” ва “Самарқанд” телеканаллари, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлигининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кенг ёритилди.