Швейцариянинг Женева университети олимлари қандли диабетни касалликнинг илк белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлаш имконини берувчи молекулани топди.
Биламизки, яллиғланиш диабет ривожланишида асосий роль ўйнайди. Жумладан, ошқозон ости безининг ёғга тўлиб қолиши ва зарарланиши инсулин ишлаб чиқарувчи бета-ҳужайралар фаолиятини ўзгартиради ҳамда уларнинг камроқ гормон ишлаб чиқаришига сабаб бўлади.
Қисқа қилиб айтганда, бета-ҳужайралар зарарланиши ушбу касалликнинг белгиси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчилар сунъий интеллект ва молекуляр биология усуллари ёрдамида тажриба ўтказди.
Натижада минглаб молекулалар орасидан айнан ошқозон ости бези бета ҳужайралари шикастланишини энг яққол ифодаловчи тури аниқланди. Бу 1,5-ангидроглюцитола (1,5-АГГ) молекуласи бўлиб, танада унинг камайиши бета-ҳужайралар танқислигидан далолат беради.
Дастлаб жониворларда муваффақиятли ўтказилган тажриба навбатдаги босқичда одамларда синаб кўрилди. Бу жараёнда қандли диабетга чалинган ва соғлом инсонларнинг 1,5-ангидроглюцитола миқдори солиштирилди.
— Қандли диабет билан касалланганларда 1,5-АГГ даражаси сезиларли миқдорда пасайишига ишонч ҳосил қилдик, — дейди тадқиқот бош муаллифи Сесилия Хименес-Санчес. — Бу хасталикнинг дастлабки белгилари бошланишидан олдин ҳам кузатилиши қайд этилди.
Ушбу кашфиёт қандли диабет профилактикасига доир қулай ва арзон усулларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкин. Чунки 1,5-АГГ даражасини оддий қон текшируви ёрдамида осонгина аниқласа бўлади.