Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ЙПХ ходимларига шахсий уяли алоқа воситаларини олиб юриш тақиқлангани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Kun.uzнинг хабар беришича, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги Департаменти бошлиғи полковник Бекмурод Абдуллаев томонидан ўтказилган йиғилишда республикадаги барча йўл-патрул хизмати ходимларининг хизмат фаолияти даврида шахсий телефонидан (уяли алоқа воситаси) фойдаланишини тақиқлаш ҳақида кўрсатма берилган.
Унга кўра, ЙПХ ходимлари ҳар куни эрталабки йўриқнома чоғида шахсий қўл телефонларини топшириб, хизматга телефонсиз чиқишлари ҳамда хизмат вақтида телефондан фойдаланмасликлари талаб этилмоқда.
Бундан ташқари, ходимларнинг ҳаракат иштирокчилари телефонига жавоб беришлари ҳам тақиқланган (аслида бу талаб азалдан мавжуд). Қуйи тизим раҳбарларидан ходимларга ушбу кўрсатмага риоя қилишларини қатъий назоратга олиш сўралмоқда.
Йиғилишда таъкидланишича, вазир ўринбосарининг янги топшириғи ижросини вазирликнинг махсус текширув гуруҳи мунтазам ўрганиб боради. Ходимлар текширув чоғида кимнинг ёнидан телефон топилса у лавозимдан озод этилишидан огоҳлантирилган.
Жойларда аллақачон ушбу кўрсатмага мувофиқ хизматолди йўриқнома (развод) пайтида йўл-патруль хизмати ходимларидан телефонлар йиғиб олинган.
Бироқ раҳбариятнинг янги талаби кўпчилик ходимларда норозилик уйғотган.
“Ходимларнинг ҳам оиласи бор. Ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Кимнингдир уйида кекса ота-онаси бор. Кимнингдир аёли ҳомиладор, кимнингдир боласи касал бўлиши мумкин. Уйдагиларига қандайдир ёрдам зарур бўлиб қолса, у билан қандай боғланишади? Наҳотки раҳбарлар бирор нарсани талаб қилишдан олдин оқибатини ўйлашмайди. Нима, шахсий ҳаётимиз бўлиши мумкин эмасми?” дейди Kun.uz билан боғланган, исми сир қолишини сўраган ходимлардан бири.
“Нимага бошқа давлат хизматчиларига шахсий телефондан фойдаланиш мумкин-у ЙПХ ходимларига мумкинмас? Талаб ҳаммага бир хил бўлиши керак эмасми? Ўша Бекмуродов ҳам, вазирликдагилар ҳам, ҳукуматдагилар ҳам телефонсиз ишлашармикин? Ёзда жазирамада, қишда қаҳратонда хизмат қиламиз. Ғинг демаймиз, чунки бу касбни ўзимиз танлаганмиз. Бунчаликмас-да энди. Телефон коррупцион ҳаракатларга асос бўлаётган деб ҳисоблашса, бодикамераларимиз бор, назоратини таъминлашсин, ҳар куни синчиклаб кўриб чиқишсин. Қайсидир каттаконнинг машинасини қоида бузгани учун тўхтатиб қўйсак, телефонга жавоб бермасак ҳам у юқори турувчиларимизга чиқади ва бизга рациядан “Қўйиб юбор!” деган топшириқ келади ва бўйсунишга мажбур бўламиз. Агар тизимни тозалашмоқчи бўлса шу каби ҳолатларга чек қўйишсин, абсурд қарорлар қабул қилишнинг ўрнига”, дейди бошқа бир ходим.
Kun.uz ҳолат юзасидан ИИББ ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Азиз Муродовдан изоҳ олишга уринди. Бироқ у қўнғироқларга жавоб бермади.
Ғиёсовнинг маълум қилишича, вазирлик раҳбарияти томонидан хизматга жалб этилган ЙПХ ходимларни шахсий телефонларини йиғиб олиш бўйича кўрсатма берилмаган, фақат бегона одамлар ёки ҳайдовчиларнинг телефонига жавоб бериш каби ҳолатларга барҳам бериш қатъий назоратга олингани уқтирилган.
«Ходимларни йўриқномада телефонларини йиғиб олиш масаласига келсак, бу жойлардаги айрим раҳбарларнинг шахсий ташаббуси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар ўрганилади. ЙҲХХ матбуот котиби Азиз Муродовнинг ҳаракатини ҳам ўрганамиз. Журналистларга ҳозиржавоб бўлиши унинг тўғридан-тўғри вазифаси, жавоб бермаганини объектив сабаби бўлмаса интизомий жазоланади», — дейилади муносабатда.