Шу йил 9 август куни Самарқандда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти бажарилгани айтилганди. Аммо кўп ўтмай бемор ҳам, донор ҳам шифохонадан чиқмай вафот этди. Самарқандда амалга оширилган илк амалиётда қатнашган 57 ёшли бемор жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган бўлиб, унга 35 ёшли қизи донорлик қилган. 12 август куни бемор, 16 август куни донор вафот этган. Онасига донорлик қилган аёлнинг турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди бўлган.
Унинг турмуш ўртоғи операция ўтказилаётганда Россияда бўлган. Хотинининг донорлик қилишига ёзма тарзда рози бўлиб, уни электрон тарзда шифокорларга ташлаб берган.
“Аёлимни фикридан қайтаришга жуда кўп уриндим. Донорлик қилса, эртага ўзи ҳам хасталаниб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирдим. Онасининг тузалиб кетиши учун қаттиқ туриб олди. Мажбуран рози бўлдим. Операциядан аввал ҳам телефон орқали суҳбатлашдик, аёлим соғлом эди. Шифокорлар ҳам операция ижобий ўтгани ҳақида маълумот беришди. Бироқ шифохонадан чиқмай қайнонам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам вафот этди. Мен отамнинг қарори билан даъво қилмай турибман. Бироқ нега шифокорлар ҳолатга юзаки қарашди? Ҳозир бизнинг қўлимизга хотинимни юрак билан боғлиқ муаммо сабаб вафот этди, деб қоғоз беришган. Соғлом одамни операция столига олиб, унинг ҳаётини хавф остида қолдираётган шифокорлар аввал барча чораларни кўриб қўйган бўлиши керак эмасмиди? Операцияга розилик билдирди дегани, уларнинг ўлимига розиман, дегани эмаску” – деди донорликдан кейин вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи Комилжон Ўсаров.
Эслатиб ўтамиз, шифокорлар операция 13 соат 20 дақиқа давом этганини маълум қилишганди.