Бўзсув каналининг Зангиота туманининг «Токзор» МФЙ ҳудудидан ўтган қисмига заҳарли канализация сувлари оқизилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда видеомурожаат эълон қилинди. Давлат Экология қўмитаси ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ишларини олиб борди.
Келтирилишича, ўрганиш жараёнига экологик мобил лаборатория ҳам жалб қилиниб, Бўзсув каналига ташланаётган оқова сувлардан, каналнинг 500 метр тепа ва паст қисмларидан таҳлил учун намуналар олинган.
Ўрганишлар давомида сувнинг қора рангда экани тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган рангли оқова сувлар билан боғлиқ экани маълум бўлган. Шунингдек, «Бўзсув аэрация станцияси»нинг технологик жараёнлари кўздан кечирилди ҳамда ушбу тозалаш иншоотига мунтазам равишда меъёрдан ортиқ ифлосланган моддалар ва рангли эритмалар ташлаб келаётган 7 та тўқимачилик ва 2 та қоғозни қайта ишловчи корхоналар рўйхати шакллантирилган.
«Эндиликда ҳар бир корхона фаолиятини текшириш юзасидан Бизнес-Омбудсманга буюртмалар киритилиб, белгиланган тартибда экологик назорат ўрганиш ишлари олиб борилади. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.