Бугун, 25 август кунги савдоларда Европада газ нархи 1000 куб метр учун 3200 доллардан ошди. Лондон ICE биржасига кўра, бундай юқори нарх 8- мартдан бери биринчи марта кузатилди. Кун бошидан буён газ нархининг умумий ўсиши 8 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Нидерландиядаги TTF марказида сентябрь фючерслари нархи 1000 куб метр учун 3238,5 долларгача ёки МВт/соат учун 312,61 еврога кўтарилди.
Ўсиш қишгача захираларни тўплаётган ривожланган давлатлар, жумладан Япония ва Жанубий Корея ўртасида бозорда рақобат кучайиши туфайли суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича Осиё фьючерслари нархининг ошиши фонида содир бўлмоқда. Шунингдек, 31 августдан бошлаб ягона газ компрессор блокининг таъмирланиши муносабати билан “Шимолий оқим” орқали етказиб бериш уч кунга тўхтатилиши ҳақидаги тахминлар нархларга таъсир қилишда давом этмоқда.
2022 йил 7 март куни газнинг биржа нархи тарихда биринчи марта 1000 куб метр учун қарийб 3900 долларга етганди.
“Газпром” бу қишда Европада газ нархи 1 минг куб метр учун рекорд даражадаги 4 минг доллардан ошиши мумкинлигини истисно қилмади.
ТАСС агентлиги билан суҳбатлашган экспертлар қишда кескин совуқ тушиши ва заҳираларнинг камайиши сабаб газ нархининг 1000 кубометри учун рекорд даражадаги 5000 долларгача ошиши мумкинлигини истисно қилмаган. Уларнинг фикрича, ҳозир бозорда спот нархлар учун оқилона чегара йўқ.
27 июлдан бошлаб “Шимолий оқим” газ қувуридан бир нечта газ турбиналари тўхтатилиши муносабати билан қувур 20 фоиз қуввати билан ишлай бошлади. Улардан бири – Канадада Siemens Energy томонидан ишлаб чиқарилган – таъмирлаш учун Монреалга юборилган. Оттаванинг Москвага қарши санкциялари туфайли ишлаб чиқарувчи дастлаб таъмирланган ускунани Германияга қайтаришдан бош тортди, бироқ ГФРнинг кўплаб сўровларидан сўнг, у чекловларга қарамай, уни қайтаришга қарор қилди.
25 июль куни “Газпром” капитал таъмирлашгача бўлган вақт тугаганлиги сабабли Портовая компрессор станциясида яна бир газ турбинали двигателни мажбурий тўхтатишини эълон қилди. Шундай қилиб, фақат битта турбина иш ҳолатида қолди.