Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди, деб хабар беради ЎзА.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмасининг 37 ёшли адвокати юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорга МЧЖда ўтказилган камерал текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан молиявий жарима қўлламаслик эвазига 23 минг доллар талаб қилиб, мазкур пул маблағини олган вақтда ушланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Мирзо Улуғбек туманидаги адвокатлик фирмаларидан бирининг адвокати фуқародан 12 минг доллар олган вақтда ушланган.
Маълум бўлишича, адвокат гўёки суд идораларидаги мансабдор танишларининг имконияти орқали фуқаронинг турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб бериш эвазига 9 минг доллар ҳамда фуқарога муқаддам юридик хизматларни кўрсатгани учун адвокатлик тўловларини амалга оширган бўлишига қарамасдан, судга харажат қилганини рўкач қилиб, таъмагирлик йўли билан қўшимча 3 минг доллар талаб қилган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган турмуш ўртоғига нисбатан бошқа енгилроқ жазога алмаштириш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ундан 10 минг доллар беришни талаб қилган.
ДХХ томонидан ИЖҚК департаменти ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.