Испаниядаги йирик фестиваль мавзуси биринчи марта Ўзбекистон туризми ва маданий меросига бағишланди

Испания Қироллигининг сайёҳларбоп провинцияларидан бири Валенсияда ХИВ асрдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган «Марвлар ва насронийлар» фестивалининг навбатдаги мавзуси илк марта Ўзбекистон туризми ва маданий меросига бағишланди.

Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов мазкур фестивалда Ўзбекистонга алоҳида урғу берилиши Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси эканлигини таъкидлади.

«Гувоҳи бўлаётганингиздек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан туризм ва маданий мерос соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда дунёнинг кўплаб йирик фестивалларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиб, юртимиз довруғини оширмоқда.

Фестивальни ташкил этиш учун 10 минг нафар фаол ҳаваскорлар ҳамда бутун дунёдан томошабин сифатида 100 минг нафарга яқин ҳаваскорлар ташриф буюради.

Айни пайтда, Испания томони тадбир иштирокчилари учун миллий, тарихий кийимлар тикиш бўйича ўзбек ҳунарманд, дизайнерларига буюртмалар (600 дона кийим кечак, 2000 та дўппи ва Амир Темур роли учун алоҳида) берган ҳолда тайёргарлик ишларига 400 минг евро маблағ сарфланган. Яъни тадбир давомида ташкил қилинган кўргазмалар республикамиз ҳунармандларининг маҳсулотларини экспорт миқдорини ошириш ва уларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

Бу йилги тадбир давомида 100 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар иштирок этиб, уларга Ўзбекистон маданияти ва туристик салоҳияти кенг тарғиб қилинмоқда.

Испанияда бўлиб ўтаётган мазкур феставалда Ўзбекистон делегациясининг иштирок этишидан асосий мақсад бу каби оммавий фестиваллар орқали хорижий фуқароларда Ўзбекистонга бўлган қизиқишни орттириш ҳамда оммавий фестивалларни ўтказиш бўйича Испания тажрибасини яқиндан ўрганиб, Ўзбекистонда тадбиқ этиш ҳисобланади», – деди вазир.

“2006 йилда Валенсиядан Санкт-Петербургда ўтказилган кўргазмага иштирок этиш учун боргандим. У ердаги музейда ўзбек ҳунармандчилик намуналари менинг эътиборимни тортди, айниқса, Бухоро зардўзлик санъати ва миллий матоларингиз. Шундан сўнг ушбу фестивалда ўзбек миллий либосларини кийган маврлар жамоасини кўриш истаги мени тарк этмади. Мана, бу йилги парад учун Хива, Бухоро шаҳарлари, шунингдек, Тошкентдаги Чорсу, Ҳазрати Имом мажмуалари ва Азукар Морено коллекцияларидан турли либослар сотиб олдик. Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаб, узоқ тайёргарлик кўрдик ва ниҳоят, ушбу фестивалда ўзбек миллий либосларини кийган иштирокчилар қатнашмоқда”, – деди «Марвлар ва насронийлар» фестивалининг маданий лойиҳалари раҳбари Рафаел Ферреро.

Тадбирда муносиб иштирок этиш ҳамда мамлакатимиз туризм салоҳиятини Испанияда кенг тарғиб қилиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўзбек фольклор жамоаси, ҳунармандлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация айни дамда Валенсияда бўлиб турибди.

Фестивалга испаниялик ташкилотчилар томонидан иштирокчилар учун миллий, тарихий кийимларни тикиш бўйича ўзбек дизайнерларига буюртмалар (600 дона кийим кечак, 2000 та дўппи ва Амир Темур роли учун алоҳида буюртма) берилгани маълум қилинди. Бунда ўзбекистонлик машҳур дизайнер – Азукар Морено номи билан танилган Камола Рустамованинг фестивалга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиш лозим.

Фестивалда Амир Темур образида намоён бўлган Алберто Климер ўз иштироки ҳақида шундай дейди:

“Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар хотирамда абадий қолган. Юртингизга қилган саёҳатимдан илҳомланиб, бу фестивалда айнан Амир Темур образини танладим. Биласизми, Испанияда Амир Темур билан боғлиқ яхши хотиралар воқеликлар кўп. Икки томонлама алоқаларимиз ўша даврларда ўрнатилган. Элчи Руи Гонсалез де Клавихо ҳам Самарқанд ҳақида ўз кундалигида ёзиб қолдирган. Мен буюк шахс образини гавдалантираётганимдан фахрланаман”.