Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия аъзолари Жўқорғи Кенгес билан биргаликда Бош прокуратурадан баъзи фуқароларнинг қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришни сўради.
Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилган.
Яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолишганини ва содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдиришди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Комиссия ва Жўқорғи Кенгес томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга инсонпарварлик тамойили асосида қамоқ эҳтиёт чорасини жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишини сўраб Бош прокуратурага таклиф киритилди.