Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали фаолияти ташкил этилди, деб хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган институт ва унинг филиали Фанлар академиясидан Маданий мерос агентлиги тузилмасига ўтказилган.
Институт қадимги тош асридан бошлаб ривожланган ўрта асрларни ўз ичига олган Марказий Осиёнинг моддий ва маънавий маданияти тарихини ўрганиш борасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади. Тадқиқ этиладиган даврлар маданиятлари хронологиясини ва даврлаштирилишини ишлаб чиқади.
Шунингдек,Ўзбекистон ҳудудининг ибтидоий одамлар томонидан ўзлаштирилишини, цивилизациянинг шакллантирилишини, илк шаҳарлар давлатчилик, қадимги жамиятлар дунёқарашини, жаҳон динлари пайдо бўлишини ва ривожланишини, савдо-сотиқ муносабатлари ва «Буюк ипак йўли» тарихини ўрганиш;
ҳунармандчилик, металлургия ва кон иши, археологик ёдгорликларни аниқлаш, археологик тадқиқотлар олиб бориш, харитага тушириш ва илмий муомалага киритиш;
республика ҳудудидаги ноёб археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Археологик топилмаларни таъмирлаш услуби ва қадимий технологик усулларни тиклаш ҳамда ушбу йўналишда ваколатли орган томонидан берилган тегишли рухсатномага эга бўлган археология тадқиқотларини жалб қилиш, археология соҳасида илмий кадрлар тайёрлаш, институтнинг илмий йўналишларидан келиб чиқиб жаҳон илм-фани ютуқларини ўрганиш, улардан фойдаланишни ҳамда маҳаллий ва халқаро миқёсда қўшма тадқиқотлар ташкил этиш ҳам институт вазифалари қаторидан ўрин олган.