Россиянинг Камчатка ярим оролидаги Ключевск вулқонига кўтарилаётган 6 нафар сайёҳ ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Маълум бўлишича, 10 нафар сайёҳ ва икки йўлбошчидан иборат гуруҳ 30 август куни саёҳатга чиққан. 3 сентябрь куни тўққиз киши Ключевск вулқонига чиқишни бошлаган, уч киши 3,3 минг метр баландликдаги лагерда қолган. Вулқонга кўтарилган олти нафар альпинист ҳалок бўлган.
Қутқарувчилар Уст-Камчатский областига қидирув-қутқарув операциясини ўтказиш учун етиб келган. Улар 3,3 минг метр баландликда қўниши режалаштирилган эди, бироқ шамол тезлиги 30 метр/секундга яқин бўлгани сабабли улар қўна олмаган.
Бир неча соатлик фарқ билан иккита уриниш амалга оширилган бўлсада, имкони бўлмаган. Об-ҳаво шароитига қараб, 5 сентябрь куни эрталаб Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ми-8 вертолёти қидирув-қутқарув гуруҳи ходимларини етказиб беради. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.