Тошкент метрополитени сентябрдан бошлаб метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ошиши муносабати билан йўловчиларга мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг сентябрида метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ошиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, бу кўрсаткич сентябрь ойида бир кунда 550-580 минг, октябрь ойида эса 600 мингга етади. Шу сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида пойтахт метрополитени томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда, метрополитен маъмурияти йўловчиларга мурожаат билан чиқиб, бу борада йўловчиларни ҳам метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишга чақирди.
Хусусан, ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач, поездан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади.
Таъкидланишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.
«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга оширишса, ўз вақтларини тежашлари ҳамда касса олдидаги тирбандликни максимал даражада камайтиришга замин яратади.
Юқоридаги қоидаларга амал қилиб, йўловчиларга хавфсиз ва маданиятли хизмат кўрсатишда ўз ҳиссангизни қўшасиз, деган умиддамиз», — дейилади мурожаатда.