Туркманистон ҳукумати Туркиядан ўз фуқаролари учун вақтинчалик виза режими жорий этишни сўради. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, визалар «Туркманистон фуқароларининг (Туркияда) бўлиш қоидаларини тизимли асосда такомиллаштириш ва сақлаш мақсадида» жорий этилиши керак. Ушбу қарорнинг сабаблари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Август ойи бошида Туркманистон Туркия билан коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган авиақатновларни тиклагани маълум бўлди. Бироқ Туркияга учишдан олдин Туркманистон фуқароларидан Туркия визасини кўрсатиш талаб қилинган, айрим йўловчилар визаси йўқлиги сабаб рейсларга қўйилмаган.
Бундан ташқари, туркман фуқаролари чартер рейс билан учиш учун Туркия элчихонасидан тегишли «ваучер» олиши кераклиги ҳақида олдиндан огоҳлантирила бошланди, деб ёзади Туркмен.news.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги нашрга маълум қилишича, мамлакат Туркманистон билан 30 кунлик визасиз режимни ҳамон сақлаб турибди.
Туркия — Туркманистон фуқаролари орасида миграция учун энг оммалашган давлатлардан бири. Расмий маълумотларга кўра, у ерда 120 мингга яқин Туркманистон фуқароси истиқомат қилади, аммо ноқонуний равишда Туркияда бўлиб турган туркманистонликлар сони бундан анча юқори.
Иқтисодий инқироз ва ишсизлик туфайли туркманлар узоқ йиллардан бери ишлаш учун Туркия ва Россияга кетмоқда. 2021 йил июль ойида «Азатлик» ўз манбаларига таяниб, Туркманистон аҳолиси сони 2,7 миллион кишига камайганини ёзган. 2020 йилги расмий маълумотларга кўра, Туркманистон аҳолиси 5,9 миллион кишини ташкил этади.